ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖИНОЯТ КОДЕКСИДА ОИЛАГА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР ТУШУНЧАСИ
Kalit so‘zlar:
оила, бола, болалар, вояга етмаганлар, ота-оналар, болани асраб олган оила, патронат, оила манфаатлари, ривожланиш, жиноий жавобгарлик, жиноят.Annotatsiya
Ушбу мақолада оила манфаатларига қарши қасддан содир этилган қилмишлар учун жиноий жавобгарликнинг қонунчилик асослари таҳлили келтирилган. Оилага қарши жиноятлар тушунчаси, мазкур тоифага кирадиган жиноятлар туркуми турли мезонларга асосланиб кўриб чиқилган. Муаллиф оилага қарши жиноятлар учун жавобгарликни бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар асосида, жумладан, 1948 йилги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, 1966 йилги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидалари асосида таҳлил қилган. Бу ҳужжатларга мувофиқ, оила жамиятнинг табиий ва асосий бўлаги ҳисобланади ҳамда жамият ва давлат томонидан алоҳида ҳимоя остидаги ижтимоий институт экани таъкидланади. Оила манфаатларига қарши содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик муаммоларини кўриб чиқишда муаллиф илмий билишнинг ҳуқуқий нормалари, статистик маълумотларни таҳлил қилиш, қиёсий ҳуқуқий таҳлил, шунингдек, анализ, синтез каби мантиқий усулларини қўллаган. Ушбу таҳлил асосида Жиноят кодексининг V бобида илк марта асосий объекти вояга етмаганларнинг нормал ривожланиши ва тарбиясини таъминлайдиган ижтимоий муносабатлар, шунингдек, оиланинг шахс ва жамият эҳтиёжларига муносиб шаклланиши ва фаолияти бўлган жиноятлар ҳақидаги нормалар консолидацияси амалга оширилгани хусусидаги хулосага келинган. Бу турдаги жиноятларни таснифлаш бўйича назарий қарашларни ўрганиш жараёнида муаллиф илмий адабиётларда кўп учрайдиган таснифлашни иккита кичик гуруҳга ажратади: оилага қарши жиноятлар ва вояга етмаганларга қарши жиноятлар. Танқидий таҳлил қилган ҳолда муаллиф Ўзбекистон Республикасининг амалдаги жиноий қонунчилигига асосланиб, оила қадриятлари, оила манфаатларига тажовуз қиладиган жиноятлар гуруҳлари, шунингдек, вояга етмаганларнинг ахлоқий, ақлий, жисмоний ривожланиши (ЖКнинг 122-, 124-, 125-моддалари) ва оила ахлоқи устунларига қарши қаратилган жиноятлар гуруҳини ажратади.

